Республика онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов саратонни олдини олиш бўйича тавсиялар берди.
— Онкологик касалликлар инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган долзарб тиббий-ижтимоий муаммодир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бундай касалликларга чалиниш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Дунёда миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Онкологик хасталиклар ичида энг кўп учрайдигани сут бези саратонидир. Кейинги ўринларда меъда, ўпка ва бачадон бўйни саратони туради.
Гарчи хавфли ўсма касаллигини даволаш мушкул бўлсада, унинг олдини олиш имкони мавжуд. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Халқаро саратон тадқиқот агентлиги (IARC) бу борада саратон профилактикасининг 12 йўлини оммага тақдим этган. Булар қуйидагилар:
1. Чекманг, ҳар қандай тамаки шаклидан фойдаланманг.
2. Яшаш ва иш жойингизни тамаки тутунидан холи қилинг.
3. Тана вазни меъёрида бўлиши учун ҳаракат қилинг.
4. Кундалик ҳаётда жисмоний фаол бўлинг. Кун бўйи ўтириб вақт ўтказманг.
5. Соғлом овқатланиш тамойилларига риоя қилинг:
- кўп миқдорда донли, дуккакли маҳсулотлар, сабзавот ва мевалар истеъмол қилинг, ёғли овқатларни, шакар истеъмолини чекланг;
- қайта ишланган гўшт маҳсулотлари, қизил гўшт ва шўр таомлардан имкони борича тийилинг.
6. Спиртли ичимликлар ичманг.
7. Қуёшда узоқ турманг, айниқса, болаларни қуёш нуридан ҳимояланг.
8. Агар кимёвий саноат корхоналарида ишласангиз, хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда, саратон чақирувчи моддалардан ўзингизни ҳимоя қилинг.
9. Тоғли жойларда ёки радиация хавфи бўлган ҳудудларда яшасангиз, радон радиацияси бор-йўқлигини аниқланг. Юқори радон даражасини камайтиришга ҳаракат қилинг.
10. Аёллар учун:
Эмизиш онанинг саратон билан касалланиш хавфини камайтиради. Агар имкони бўлса, болани эмизиш керак.
11. Болаларингизни эмлаш дастурида иштирок этишларини таъминланг:
- Гепатит B (чақалоқлар учун)
- Одам папиллома вируси (HPV) (ўсмир қизлар учун).
12. Сут бези, бачадон бўйни, йўғон ичак, меъда саратонининг олдини олиш бўйича скрининг дастурларида қатнашинг.
Мамлакатимизда аҳоли орасида саратон профилактикаси бўйича замонавий шароитлар яратилган ва бу жараён узлуксиз такомиллаштирилмоқда.
«2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори асосида онкологик касалликлар профилактикасини кучайтириш, скрининг ва юқори технологик текшириш усулларини такомиллаштириш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.