Ўзбекистон тарихида илк маротаба халқаро молия бозорларида миллий валютада 2 триллион сўм ҳажмида суверен облигациялар жойлаштирди. Бу ҳақда молия вазири Тимур Ишметов ўз Twitter’идаги саҳифаси орқали маълум қилди.
«Ўзбекистон тарихида илк бор халқаро молия бозорларида миллий валютамиз — сўмда 2 триллион сўм ҳажмда суверен облигациялар Лондон фонд биржасига жойлаштирилди. Ушбу ютуқ ўзбек сўмини молия бозорларида ўз ўрнини топишига дадил қадам бўлсин», — деб ёзади Ишметов.
Молия вазирлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра, олдинроқ қатор йирик халқаро инвесторлар томонидан республиканинг макроиқтисодий истиқболлари ва тизимли ислоҳотлари юзасидан ижобий хулоса берилган, ҳамда нафақат долларда, балки ўзбек сўмида ҳам деноминация қилинган суверен халқаро облигацияларнинг чиқарилишига ҳам қизиқиш билдирилган.
«Gazeta.uz»нинг ёзишича, халқаро облигацияларнинг миллий валютада чиқарилиши валюта хатарларини камайтиришга хизмат қилиш билан бирга, келажакда ички молия бозорига, жумладан, давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни жалб қилиш учун замин яратади.
Инвесторлар таклифларига биноан 750 миллион АҚШ доллари миқдоридаги суверен халқаро облигацияларни 2 траншда — 10 йиллик муддат билан АҚШ долларида ва 3 йиллик муддат билан ўзбек сўмида — чиқариш ва Лондон фонд биржасида жойлаштириш бўйича бошланғич фоиз ставкалар, мос равишда 4,25 фоиз атрофида ва 15,25 фоиз атрофида белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Ўзбекистон мустақил тарихида биринчи марта 5 йиллик 500 миллион долларлик евробондларни 4,75 фоиздан, 10 йиллик 500 миллион долларлик евробондларни эса 5,375 фоиздан жойлаштирган эди.